Қирғизистон: "Хитой мавзуси" ва расмийнинг огоҳлантириши баҳсларга сабаб бўлмоқда

Published
Ўқилиш вақти: 5 дақ

Қирғизистонда ер масаласи, хорижий инвестициялар ва хитойлик ишчилар мавзуси атрофида турли баҳслар бўлмоқда. Президент администрацияси вакили Дайирбек Орунбеков ижтимоий тармоқларда "Хитой босиб кетди", "ерлар сотиляпти", "ташқи қарз назоратдан чиқди" каби даъволарни тарқатаётганлар қонун олдида жавоб бериши мумкинлигини билдирди.

Унинг Facebook саҳифасида тарқатилган баёноти нафақат сиёсий муҳокамаларни кучайтирди, балки сўз эркинлиги, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг ахборот соҳасидаги роли ҳақидаги баҳсларни ҳам кун тартибига олиб чиқди.

"Ёлғон маълумот тарқатувчилар жавобгарликка тортилиши мумкин"

Қирғизистон президенти администрациясининг ахборот сиёсати бўлими раҳбари Дайирбек Орунбековнинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда мамлакатдаги вазиятни атайлаб бузиб кўрсатишга қаратилган хабарлар тарқатилмоқда.

У хусусан "Хитой босиб кетди", "ерлар хорижликларга бериб юборилмоқда", "ташқи қарз хавфли даражага етди" каби даъволарни тилга олди.

Орунбеков бундай хабарларни тарқатувчилар миллатлараро адоват қўзғатиш ва жамоатчиликни чалғитиш айби билан жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билдирди.

Шунингдек, у сиёсатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, фаоллар, журналистлар ва ўзи "фейк аккаунтлар" деб атаган ўнлаб фойдаланувчиларнинг суратлари жойланган коллажни ҳам эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, Президент администрациясининг мониторинг хизмати мазкур аккаунтларнинг ўзаро алоқалари ва фаолиятини ўрганмоқда.

Айрим маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг қайд этишича, Орунбеков эълон қилган дастлабки постда бир қатор сиёсатчилар билан бирга Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев ҳақида ҳам ёзилган, кейинчалик пост таҳрир қилиниб, Қамчибек Ташиевнинг номи ва у ҳақдаги сурат олиб ташланган.

Рўйхат ва шахсий маълумотлар бўйича саволлар

Орунбековнинг баёноти яна бир баҳсни келтириб чиқарди. Рўйхатга киритилган айрим шахслар ўз суратлари ва маълумотлари қандай олингани ҳақида савол қўймоқда.

Адвокат Асел Аргимбаеванинг айтишича, у баҳс қилинаётган мавзу бўйича ижтимоий тармоқларда ҳеч қандай фикр билдирмаган.

"Менинг шахсий маълумотларим Орунбеков қўлига қандай тушиб қолди?", деди у ва бу масала бўйича Бош прокуратурага мурожаат қилишини маълум қилди.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Яна бир адвокат Нурбек Токтакунов эса расмий баёнотларга ҳуқуқий баҳо берилиши кераклигини айтди.

Унинг фикрича, бундай чиқишлар фуқаролар томонидан таҳдид сифатида қабул қилиниши мумкин ва вазиятга президент ёки бошқа масъул шахслар изоҳ бериши лозим.

Қирғизистондаги қатор ҳуқуқшунослар ҳам шахсий маълумотларнинг ошкор қилиниши юзасидан саволлар кўтарди.

Ҳуқуқшунос Гулшайир Абдирасулова Конституция шахсий ҳаёт дахлсизлигини кафолатлашини эслатиб, ўз сурати ва маълумотлари жамоатчиликка эълон қилинишига розилик бермаганини билдирди.

"Тундук" тизими атрофидаги баҳслар

Танқидчиларнинг бир қисми эълон қилинган суратлар давлатнинг рақамли маълумотлар базаларида сақланадиган суратларга ўхшашини таъкидламоқда.

Шу боис баъзи фаоллар ва ҳуқуқшунослар маълумотлар давлатнинг "Тундук" рақамли платформасидан олинганми, деган саволни ўртага ташлаган.

"Тундук" Қирғизистон давлат органларининг электрон маълумот базаларини бирлаштирувчи тизим ҳисобланади.

Орунбеков ва Президент администрацияси мазкур иддаоларга ҳозирча очиқ жавоб бермаган.

Қирғизистоннинг Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш агентлиги эса маҳаллий ОАВларга мазкур ҳолатдан хабардор эканини ва расмий муносабат тайёрланаётганини билдирган.

Идора вакиллари ижтимоий тармоқларда шахсий маълумотларнинг тарқатилиши мақбул ҳолат эмаслигини қайд этган.

Танқидчилар: "Бу сўз эркинлигига босим бўлиши мумкин"

Орунбековнинг чиқиши қатор танқидий муносабатларга ҳам сабаб бўлди.

Жамоат арбоби ва ёзувчи Олжобой Шакир ўзининг номи ҳам рўйхатга киритилганига эътироз билдириб, сўнгги йилларда асосан адабий фаолият билан шуғулланаётганини айтди.

Конституциявий суднинг собиқ судьяси Клара Сооронқулова эса масалага сўз эркинлиги нуқтаи назаридан ёндашди.

Унинг фикрича, агар кимнингдир шаъни ва қадр-қимматига зарар етказилган бўлса, бу фуқаролик-ҳуқуқий тартибда кўриб чиқилиши керак.

Сооронқулова ҳар қандай танқид ёки баҳсли фикр учун одамларни қамоқ билан таҳдид қилиш демократик тамойилларга мос келмаслигини таъкидлади.

Адвокат Икромиддин Айтқулов ҳам айрим шахсларни суд қарорисиз эҳтимолий қонунбузар сифатида кўрсатиш айбсизлик презумпцияси тамойилига зид бўлиши мумкинлигини билдирди.

Баҳс марказида ер масаласи

Орунбековнинг баёноти мамлакатда Ер кодексига киритилаётган ўзгаришлар юзасидан муҳокамалар кучайган пайтда янгради.

Жамоатчиликнинг бир қисми янги тартиблар хорижий инвесторларга кенгроқ имкониятлар яратиши мумкинлигини айтмоқда.

Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари эса буни "ерларни чет элликларга бериш сиёсати" сифатида талқин қилмоқда.

Бироқ президент Садир Жапаров бу иддаоларни рад этди.

17 июлда давлатнинг "Кабар" агентлигига берган интервьюсида у Қирғизистон ерлари хорижликларга хусусий мулк сифатида берилмаслигини таъкидлади.

Президентнинг сўзларига кўра, хорижий инвесторларга фақат муайян муддатга ижара ҳуқуқи берилиши мумкин.

Агар инвестиция шартномаларидаги мажбуриятлар бажарилмаса, ер участкалари давлатга қайтарилади.

Жапаровнинг айтишича, бундай амалиёт мамлакатда аввалдан қўлланиб келади.

У мисол сифатида Бишкекдаги "Vefa Center" ва "Beta Stores" каби объектларни келтирди.

Жапаров: "Қирғизистоннинг бир қарич ери ҳам бошқа давлатга ўтмайди"

21 июль куни эълон қилинган яна бир баёнотида Садир Жапаров ерларни инвесторларга вақтинча фойдаланиш учун бериш амалиётини ҳимоя қилди.

Унинг таъкидлашича, инвестиция лойиҳалари учун ажратилаётган ерлар мамлакат ҳудудининг жуда кичик қисмини ташкил этади.

"Мамлакатимизда жами 6 миллион 732 минг гектар қишлоқ хўжалиги ери мавжуд. Унинг 1 миллион 82 минг гектаридан фуқароларимиз хусусий мулк сифатида қишлоқ хўжалиги мақсадларида фойдаланмоқда.

Бутун республика бўйича турли тоифадаги 18 миллион 698 минг гектар ер давлат ва муниципал мулк ҳисобланади. Унинг 18 миллион 639 минг гектари давлат, 59 минг гектари эса муниципал мулкдаги ерлардир.

Инвестиция лойиҳалари учун 1992 йилдан буён амал қилиб келаётган қонунчилик доирасида фойдаланишга берилган ерларнинг умумий майдони мамлакатимиз ҳудудининг 0,1 фоизидан ҳам ошмайди. Наинки 1 фоиз, ҳатто 0,1 фоиздан ҳам ошмайди!", -деди президент.

Нега айнан Хитой мавзуси муҳокамалар марказида?

Сўнгги йилларда Қирғизистонда хитойлик ишчилар ва инвесторлар сони ҳақида мунтазам баҳслар кузатилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, 2026 йилда мамлакат 61 мингта меҳнат визаси берган. Уларнинг қарийб 60 фоизи Хитой фуқаролари ҳиссасига тўғри келган.

Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик департаменти раҳбари Сейтек Жумақадир уулунинг айтишича, бу ишчилар асосан инфратузилма ва йирик давлат лойиҳаларида меҳнат қилиш учун жалб этилган.

Президент Жапаров ҳам хорижлик ишчилар мамлакатга доимий яшаш учун эмас, муайян лойиҳаларни амалга ошириш учун келаётганини таъкидлади.

Унинг маълум қилишича, сўнгги ойларда қарийб уч минг хорижий фуқаро мамлакатдан чиқарилган ва яна юзга яқин кишини депортация қилиш режалаштирилмоқда.

Иқтисодий эҳтиёжми ёки хавотир манбаими?

Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик йил сайин кенгайиб бормоқда. Хитой мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Темир йўл, энергетика ва инфратузилма соҳасидаги бир қатор лойиҳалар хитой сармояси иштирокида амалга оширилмоқда.

Бироқ бу жараён жамиятда турлича баҳоланмоқда.

Айримлар хорижий инвестициялар иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратиш учун зарур деб ҳисобласа, бошқалар ташқи иқтисодий қарамлик кучайишидан хавотир билдирмоқда.

Шу тариқа, муҳокама фақат ерларни ижарага бериш масаласи билан чекланмаяпти. У Қирғизистон қандай иқтисодий ривожланиш йўлини танлаши, хорижий сармоялар билан миллий манфаатлар ўртасида қандай мувозанат ўрнатиши ва ҳукумат танқидий фикрларга қандай муносабатда бўлиши кераклиги ҳақидаги кенгроқ баҳснинг бир қисмига айланган.