Кимнинг онаси ким ёки Шимолий Корея президенти келиб чиқишини нега яширади?

Published
Ўқилиш вақти: 7 дақ

Ким Чен Ин атрофида сирлар кўп. Шулар орасида унинг онаси ҳақидаги сир алоҳида ажралиб туради.

Ҳокимият тепасига келганига 15 йил бўлганига қарамай, у онаси исмини бирор марта ҳам омма олдида тилга олмади.

Ким диктатурасининг қонунийлиги кўп жиҳатдан унинг "Пэктусан" насабига мансублигига таянади. Бу насаб эса корейс халқининг афсонавий асосчиси билан боғланади.

Наслий поклиги билан фахрланадиган бу мамлакатда Кимнинг онаси ким экани шунчаки сир эмас, балки режимнинг ўзи учун ҳам таҳдид ҳисобланади.

Афсонавий таваллуд маскани

Кенг тарқалган эътиқодга кўра, Корея ўтмиши Хитой ва Шимолий Корея чегарасида жойлашган Пэктусан тоғидан бошланади. Афсонага кўра, Кореянинг биринчи қироллиги асосчиси бўлган Дангун айнан шу ерда туғилган.

Минг йиллар ўтгач, Шимолий Корея асосчиси Ким Ир Сен японларга қарши кураш йиллари шу тоғдан бошпана сифатида фойдалангани айтилади. Унинг ўғли Ким Чен Ир ҳам айнан шу муқаддас тоғ бағрида туғилгани расман таъкидланган, гарчи кўплаб маълумотларга кўра, у аслида Россияда туғилган бўлиши эҳтимоли юқори. Шундан бери Пэктусан Кимлар сулоласи ҳокимиятини қонунийлаштириш воситасига айлантирилди.

"Ким Чен Ин тайинли ютуқларга эришмаган бўлса ҳам, йигирма ёшларида ворис этиб танланди. Бунинг ягона сабаби Пэктусан насаби эди", деб ёзади Шимолий Кореядан қочиб чиққан дипломат Рю Хён У ўзининг "Ким Чен Иннинг махфий темир сандиғи" ("Kim Jong Un's Secret Vault") китобида.

Бироқ Кимнинг она томондан насаби ҳақидаги реаллик бутунлай бошқа манзарани кўрсатади.

Пэктусан тоғидан юзлаб километр олисда Япониянинг Осака шаҳри жойлашган. Маълумотларга кўра, Кимнинг онаси Ко Ён Ҳи шу шаҳарда туғилган.

Биографлар тўплаган маълумотларга кўра, Ко 1952 йилда Осакада, асли ҳозирги Жанубий Кореянинг жанубий соҳили яқинидаги Чежу оролидан бўлган оилада дунёга келган.

Японияда яшаган Ко оиласи "Зайничи корейслари" деб аталган жамоага мансуб эди. Улар 1910–1945 йилларда Корея яримороли Япония мустамлакаси бўлган даврда кўчиб борган муҳожирлар эди.

Бироқ Ко тахминан ўн ёшга тўлганида оиласи Шимолий Кореяга кўчиб ўтди.

Улар 1959–1984 йиллар оралиғида бепул тиббий хизмат, таълим ва иш билан таъминлаш ваъда қилинган кўчириш дастури асосида Шимолий Кореяга кўчиб келган тахминан 93 минг корейсдан бири эди.

Аввалига Шимолга келган муҳожирларга ҳавас билан қарашарди, чунки улар капиталистик Япониядан пул, кийим-кечак ва маиший техника олиб келишганди.

Бироқ уларни "чжэпо" деб ҳақорат ҳам қилишарди. Бу сўз хорижнинг хавфли ғоялари билан "ифлосланган" деб қаралган гуруҳга нисбатан ишлатиларди.

Шимолий Корея жамияти кескин иерархик тузилган бўлиб, айрим таҳлилчилар уни каста тизимига қиёслайди. "Сонбун" деб аталмиш қатъий ижтимоий таснифга кўра, "чжэпо"лар ўзак ва душман синфлар ўртасидаги "аросат синф"га мансуб ҳисобланади.

Улар давлатнинг қаттиқ назорати остида яшайди ва кўпинча яхши университетларга қабул қилинмайди ёки дуруст иш ўринларидан маҳрум этилади.

Бу ҳолат Кимлар оиласи узоқ йиллар тарғиб қилиб келган Пэктусан ҳақидаги ривоятга мутлақо зиддир.

"[Режим учун] Пэктусан насаби муқаддас ҳисобланади, – дейди Шимол тадқиқотлари уюшмасидан Ким Хён Су. – Шунинг учун мамлакат раҳбари "чжэпо"нинг ўғли бўлиши мумкинлиги ҳақида хаёл қилиш ҳам мумкин эмас."

Мисоли бир "Золушка"

Шунга қарамай, Ко бошқа зайничи корейслари тақдиридан қутулиб қолди. У ворис сифатида тайёрлаб келинган Ким Чен Ир эътиборига тушди.

Разведка маълумотларига кўра, Ким Чен Ир бу вақтга келиб юқори мартабали ҳарбий амалдорнинг қизи Ким Ён Сукка уйланган эди. Бу никоҳни унинг отаси истаган. Шунингдек, унинг яна икки нафар ўйнаши бўлгани ҳам маълум.

Шунга қарамай, Мансудэ санъат труппаси аъзоси бўлган Ко ўзининг "табиий гўзаллиги ва рақс маҳорати" билан Кимнинг эътиборини қозонган, дейди 2025 йилда Ко ҳақида китоб нашр этган япониялик журналист Ёжи Гоми.

Маълумотларга кўра, Ким Кога қаттиқ ошиқ бўлган ва уларнинг уч нафар фарзанди туғилган.

Бироқ никоҳдан ташқари туғилган болалар Шимолий Кореяда қаттиқ таҳқирларга дучор бўлади.

Шу сабабли Кимнинг расмий рафиқаси пойтахт Пхеньянда яшаган бўлса, Ко ва унинг фарзандлари соҳил бўйидаги Вонсан шаҳрида, пойтахтдан 210 километр олисда яширин ҳаёт кечиришган.

У олий раҳбарга ҳеч қачон турмушга чиқмаган ва уларнинг муносабати режим томонидан расман тан олинмаган бўлса-да, Гомининг таъбири билан айтганда, Ко мисоли "Золушкадек ҳаёт" кечирган.

Бироқ Рюнинг ёзишича, Ко "ҳеч қачон Ким Ир Сен томонидан келин сифатида тан олинмаган". Шунингдек, у ҳеч қачон унинг фарзандлари билан бирга омма олдида кўринмаган.

Сежон институти тадқиқотчиси доктор Чон Сон Чаннинг айтишича, агар Ким Ир Сен Кони маъқуллаганида, унинг набиралари билан тушган суратлари бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқатилган бўларди.

Ким Ир Сен вафотидан кейин Ким Чен Ир Шимолий Кореянинг олий раҳбарига айланди. Ко эса мамлакатнинг амалдаги биринчи хоними вазифасини бажара бошлади: у турмуш ўртоғига ҳарбий инспекцияларда ҳамроҳлик қилди, унинг яқин атрофидагилар билан муносабат ўрнатди.

Ким ҳатто муҳим сиёсий қарорларни қабул қилишдан аввал унинг фикрини ҳам сўрарди, деб ёзади Кимнинг собиқ ошпази Фужимото.

2011 йилда тайёрланган расмий ҳужжатли фильмда Ко Кимга маҳаллий ташрифлар вақтида ҳамроҳлик қилаётгани акс этган. Бироқ унда унинг исми ҳам, сонбун мақоми ҳам тилга олинмаган.

Доктор Чоннинг айтишича, бу фильм омма учун эмас, балки 2012 йил июнида фақат юқори лавозимли партия амалдорларига намойиш этилган. Кейинчалик бу фильм хориждан яширинча олиб кирилган USB флешкалар орқали аҳоли орасига тарқалган.

"Фильм тарқалиши билан одамларнинг Ко Ён Ҳига бўлган қизиқиши кескин ошди. Шунинг учун режим фильмни кўрсатишни тўхтатди", дейди доктор Чон.

Унинг қўшимча қилишича, Ко ҳақидаги ҳақиқат режимнинг қонунийлигига шубҳа уйғотиши мумкин эди.

2004 йилда Ко Париждаги шифохоналардан бирида кўкрак саратонидан вафот этди. Унинг ўлими ҳақида Шимолий Корея давлат оммавий ахборот воситалари ҳеч қандай хабар бермади.

Никоҳсиз туғилиш ва ворислик

Бироқ савол очиқлигича қолмоқда: бу аёлнинг иккинчи ва Ким Чен Ирнинг энг кичик ўғли қандай қилиб ҳокимият ворисига айланди?

Кимнинг расмий рафиқаси Ким Ён Сук икки нафар фарзанд дунёга келтирган. Аммо иккаласи ҳам қиз бўлгани учун ворис сифатида кўриб чиқилмаган.

Ким Чен Ирнинг Кодан ташқари яна икки ўйнаши бўлган: Сон Хэ Рим ва Ким Ок.

Ким Ок фарзанд кўрмаган. Сон Хэ Римдан туғилган тўнғич ўғил – Ким Чен Нам бир муддат эҳтимолий ворис сифатида қаралган.

Бироқ ўн йилдан ортиқ вақт чет элда таҳсил олган, инглиз ва француз тилларини мукаммал билган Ким Чен Нам Шимолий Кореядаги меросий ҳокимият тизимини танқид қилгани ва ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани сабабли тез орада отасининг назаридан қолган, дейди у билан йиллар давомида электрон мактублар алмашган Гоми.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Шунингдек, казиноларга тез-тез бориши ва хусусий учоқларда саёҳат қилишни хуш кўргани туфайли у кўнгилхушликка берилиб кетган шахс сифатида ҳам ном чиқарган.

2017 йилда, Макаода бир неча йил муҳожирликда яшаганидан сўнг, Ким Чен Нам Малайзияда ўлдирилди. У ўта кучли асабни фалажловчи модда билан заҳарланган эди.

Яна бир эҳтимолий ворис – Ким Чен Иннинг акаси Ким Чен Чхол ҳам бор эди. Бироқ собиқ дипломат Рюнинг айтишича, у гиёҳвандлиги туфайли ворислар сафидан чиқарилган.

Шу тариқа, Ко ўзининг иккинчи ўғли Ким Чен Инни ҳокимият вориси қилиш учун фаол ҳаракат қилгани айтилади. Журналист Анна Филд ўзининг "Буюк ворис: Ким Чен Иннинг сирли юксалиши ва ҳукмронлиги" ("The Great Successor: The Secret Rise and Rule of Kim Jong Un") китобида ёзишича, бу қарор Конинг опаси маслаҳати билан қабул қилинган. Унинг фикрича, агар ўғли мамлакатнинг навбатдаги раҳбари бўлмаса, бутун оила хавф остида қолиши мумкин эди.

Таҳлилчилар фикрича, Ким Чен Ин қисқа вақт ичида етакчилик қобилияти ва рақобатга ўчлиги туфайли отасининг энг севимли ўғлига айланган. У ҳам Швейцарияда қисқа муддат таҳсил олган бўлса-да, ўгай акаси Ким Чен Намга қараганда анча қаттиқ назорат остида бўлгани айтилади.

Шу тахлит 2011 йилда Ким Чен Ир вафот этгач, ўша пайтда 27 ёшда бўлган Ким Чен Ин ҳокимият тепасига чиқишга муваффақ бўлди.

Шундан буён Ким катта ваколатларни ўз синглиси Ким Ё Чжонга ишониб топширди. Жанубий Корея Бирлашиш вазирлиги маълумотларига кўра, у мамлакатнинг нуфузли тарғибот бўлимига раҳбарлик қилади.

Бироқ Кимнинг асл насаби ҳақидаги саволлар ҳали ҳам олий раҳбар ортидан эргашиб келмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, айнан шу сабабли унинг туғилган куни, бобоси ва отасиникидан фарқли ўлароқ, миллий байрам деб эълон қилинмаган. Чунки унинг туғилишига эътибор қаратилиши онаси ҳақида, шунингдек, нима учун у Пхеньяндан ташқарида тарбиялангани ҳақида ноқулай саволларни туғдириши мумкин.

Унинг келиб чиқиши атрофидаги махфийлик Кимнинг турмуш ўртоғи Ли Сол Жуни жамоатчиликка нисбатан эрта таништиргани сабабларидан бири ҳам бўлиши мумкин.

Жанубий Корея разведка хизмати маълумотларига кўра, Ли Кимнинг онасидан фарқли ўлароқ, Пхеньяндаги ўртадан юқори табақага мансуб оилада туғилган. Нуфузли санъат жамоаси хонандаси бўлган Ли ёшлигида Хитойда классик вокал бўйича таҳсил олган. Бу эса унинг сонбун мақоми тузук бўлганидан далолат беради.

"Онаси туфайли Ким Чен Ин бошдан кечирган никоҳсиз туғилганлик ва ранжиш ҳисси турмуш ўртоғи Ли Сол Жу ва қизи Чжу Эни жуда эрта оммага таништириши учун кучли туртки бўлди", дейди Гоми.

Гомининг фикрича, бу каби оммавий чиқишлар Кимнинг "камчилик"ни қоплаш истагидан келиб чиққан бўлиши мумкин.

Хўш, агар Кимнинг онаси ҳақидаги ҳақиқат бир кун келиб оммага маълум бўлса, нима юз беради?

"Агар унинг онаси Японияда яшаган этник корейслардан бири бўлгани маълум бўлса, бу нафақат унинг ҳокимиятининг қонунийлигига путур етказади, балки меросий ҳокимият тизими асосларини ҳам издан чиқаради", дейди Рю.

"Бу Шимолий Корея жамиятига атом бомбаси портлашига тенг таъсир кўрсатади."