АҚШ ва Эрон: ўн кечадан бери кетма-кет зарбалар. Можаро кенгаядими? Видео

Published
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ярослав Лукив: АҚШ ҳарбийлари Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларга ҳужум қилиш имкониятларини янада чеклаш мақсадида Эронга қарши навбатдаги зарбаларни амалга оширганини маълум қилди.

Бу кетма-кет ўнинчи кечадаги зарбалар бўлиб, АҚШ президенти Доналд Трамп америкалик ҳарбийлар ўлими учун Эронни жазолашга ваъда берганидан кейин содир бўлди.

Жавоб тариқасида Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги икки нефт танкерига, шунингдек Баҳрайн, Қувайт ва Иорданиядаги АҚШ ҳарбий объектларига зарба берганини билдирган. Бу ҳақда давлат ахборот агентлиги IRNA хабар қилди.

Президент Масъуд Пезешкиён Эрон ҳозир АҚШ билан "кенг кўламли уруш" олиб бораётганини айтди.

Трамп эса бунинг олдидан Эрон ўтган кеча "жуда қаттиқ зарба" олганини билдирган эди. Унинг айтишича, бу яқинда ҳалок бўлган уч нафар америкалик ҳарбий хизматчи хотираси учун амалга оширилган. Уларнинг икки нафари Иорданияда, бири эса Ироқда ҳалок бўлган.

Йоланд Кнелл: "АҚШнинг сўнгги баёноти аввалгилардан деярли фарқ қилмайди".

АҚШ ҳарбийлари Эроннинг қўмондонлик марказлари, ракета учириш нуқталари ва ҳаво мудофаа тизимларига зарба берганини маълум қилди. Унга кўра, бу ҳужумлар Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги кема қатновига аралашиш имкониятларини чеклашга қаратилган.

Теҳрон икки нефт танкерига зарба бергани, оқибатда уларда ёнғин чиққанини ва Баҳрайн ҳамда Қувайтдаги АҚШ ҳарбий объектларини нишонга олганини айтмоқда.

Қувайт эса унинг электр ва сув иншоотларининг айримлари нишонга олинганини айтяпти.

Эронга бир кечада берилган сўнгги зарбалар ҳақида Қуддусдаги мухбиримиз Йоланд Кнелл хабар беради:

"АҚШ Марказий қўмондонлигининг сўнгги баёноти аввал тарқатилган баёнотлардан деярли фарқ қилмайди. Унда Эрондаги ҳарбий қўмондонлик марказлари ва бошқа объектларга зарбалар берилгани айтилган. Асосий мақсад эса Эроннинг Ҳўрмуз бўғози орқали фуқаровий денгиз қатновига ҳужум қилиш имкониятини чеклаш экани таъкидланган.

Шу билан бирга, Эрон оммавий ахборот воситалари Исфаҳон, Чобаҳор ва Эрон жанубида жойлашган Бушеҳр фуқаровий атом электр станцияси яқинида портлашлар содир бўлганини хабар қиляпти.

Ҳозирча етказилган зарар ҳақида маълумот кам.

Skip Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз and continue readingИжтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз

Жавоб тариқасида эронликлар Баҳрайн ва Қувайтдаги АҚШ ҳарбий нишонларига ўз ҳужумларини амалга оширганини айтмоқда. Уларнинг таъкидлашича, асосий нишон у ердаги ҳаво мудофаа тизимлари бўлган.

Бироқ Инқилоб қўриқчилари баёнотларидан бирида Баҳрайндаги Amazon маълумотларни қайта ишлаш марказига ҳам ҳужум қилингани айтилган.

Уларга кўра, бу АҚШнинг Эрондаги фуқаровий инфратузилма объектларига берган аввалги зарбаларига жавоб бўлган".

Айни пайтда Ямандаги Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Қизил денгиздаги кема қатновига ҳар қандай тўсқинликка кескин жавоб қайтаришга ваъда берди.

Бу баёнот Эрон қўлловидаги Ҳусийлар ҳаракатининг сўнгги чиқиши ортидан янгради. Ҳусийлар Саудия Арабистонига қарши денгиз қамалини жорий этишларини айтмоқда ва бу ҳолат Яманга нисбатан жорий этилган қамал бекор қилинмагунча сақланиб қолишини билдирмоқда.

Қизил денгизнинг жанубий кириш қисмидаги бўғознинг ёпилиши жаҳон бозорида нефт таъминотини янада қисқартириши мумкин.

Ярослав Лукив: Буюк Британия Денгиз савдоси операциялари агентлиги (UKMTO) Ҳўрмуз бўғозидаги бир танкер номаълум снаряд зарбасига учраганини маълум қилди. Оқибатда экипаж кемани тарк этишга ва қутқарув қайиғига ўтишга мажбур бўлган.

UKMTO хабар қилган танкер Эрон тилга олган танкерлардан бири экан-эмаслиги ҳозирча аниқ эмас.

Денгиз соҳасидаги таҳлилий компания Kplerнинг дастлабки маълумотларига кўра, душанба куни олтита ёқилғи танкери ва юк кемаси Ҳўрмуз бўғозидан ўтган.

Улардан иккитаси аввал Эрон билан алоқалари туфайли АҚШ санкцияларига учраган эди.

Маълумотларга кўра, бу 19 июл куни бўғоздан ўтган саккизта кемага нисбатан кам.

20 июл куни амалга оширилган ўтишларнинг биттасидан ташқари барчаси Эрон яқинидаги шимолий йўналиш орқали амалга оширилган.

Иордания сешанба куни бешта дронни уриб туширганини маълум қилди. Бундан олдин у душанба кечқурун учта ракетани йўқ қилганини билдирган эди.

Баҳрайн Эрон учирган дронлар унинг ҳаво ҳаракати навигация тизимларини нишонга олганини маълум қилди. Бироқ бу ҳаво қатновига таъсир кўрсатмаган.

Қувайт қуролли кучлари ҳам Эрон дронларини уриб туширганини билдирди.

Шу билан бир вақтда, Теҳрон оташкесим келишуви бузилганига қарамай, ҳар икки томон воситачилар орқали дипломатик хабарлар алмашишда давом этаётганини маълум қилди.

Душанба кечаси АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳафта охирида Иорданиядаги Муваффақ Салти ҳарбий базасига қилинган Эрон ҳужумида ҳалок бўлган икки америкалик ҳарбий хизматчининг шахсини тасдиқлади. Улар Техаслик 19 ёшли аскар Изабелла Гонсалес ва Ҳавайилик 25 ёшли лейтенант Тайлер Жеймс Фиҳан эди.

CENTCOM аввалроқ ҳужумдан кейин яна бир ҳарбий хизматчи бедарак йўқолганини, кейинчалик эса ҳодиса ҳудудидан ҳозирча шахси аниқланмаган одам қолдиқлари топилганини маълум қилган эди.