Келажакда одамларнинг ташқи кўриниши қандай ўзгаради?

Сурат манбаси, Andriy Onufriyenko/Jackyenjoyphotography /Getty Images
- Author, Кэтрин Хитвуд Унван
- Role, BBC Жаҳон Хизмати
- Published
- Ўқилиш вақти: 6 дақ
Инсон эволюцияси ҳали ҳам давом этяптими? Келажакда одамларнинг бўйи узунроқ ёки аксинча, пастроқ бўлиб кетадими? Янги жисмоний хусусиятлар шаклланадими ёки генетик технологиялар туфайли одамлар маълум белгилар асосида "лойиҳалаштириладими"?
Цивилизация тараққий этгани сайин инсон эволюциясига таъсир кўрсатиб келган кўплаб омиллар ўз аҳамиятини йўқота бошлади. Бир вақтлар касалликлар, очарчилик ва оғир иқлим шароитлари табиий танланишнинг асосий кучларидан саналган бўлса, бугун замонавий тиббиёт, санитария, гигиена ва озиқ-овқат таъминотининг яхшиланиши уларнинг таъсирини сезиларли даражада камайтирган.
Шунга қарамай, Буюк Британиядаги Англия Раскин университети антропологи ва эволюцион генетиги Жейсон Хожсоннинг таъкидлашича, инсон эволюцияси "шубҳасиз давом этмоқда".
Бунинг исботини айрим генларнинг муайян аҳоли гуруҳларида тобора кўпроқ учраётганида кўриш мумкин. Бироқ эволюцион ўзгаришлар одатда кўплаб авлодлар алмашинуви давомида содир бўлади. Шу сабабли инсон ўз умри давомида бу жараённи бевосита кузата олмайди.
"Ўта тез содир бўлган ўзгариш"
АҚШдаги Смитсониан Миллий табиий тарих музейининг палеоантропологи Бриана Побинерга кўра, овқатланиш тарзи инсоннинг яқин ўтмишдаги эволюциясида муҳим ўрин тутган.
"Бугун дунё аҳолисининг қарийб учдан бир қисми вояга етгач ҳам сутни ҳазм қила олади. Аммо бундан 5-10 минг йил аввал деярли ҳеч кимда бундай қобилият бўлмаган", - дейди у.
Побинернинг таъкидлашича, бу инсон эволюциясида нисбатан қисқа вақт ичида рўй берган жуда тез ўзгаришлардан бири ҳисобланади.
Бу хусусият одамлар сут берувчи ҳайвонларни хонакилаштиргач шакллана бошлади.
Очарчилик ёки озиқ-овқат танқислиги даврларида ёғ ва оқсилга бой сутни ҳазм қила оладиган кишиларнинг тирик қолиш имконияти юқорироқ бўлган. Шу туфайли улар мазкур генетик хусусиятни кейинги авлодларга кўпроқ узатиши натижасида бу ген тез тарқалган.
Қадимдан ташқи муҳит омиллари ҳам инсон эволюциясига таъсир кўрсатиб келади.

Сурат манбаси, Sabrina Bracher /Getty Images
Инсоният минглаб йиллар аввал Африкадан дунёнинг турли ҳудудларига тарқалганида турлича иқлим шароитларига дуч келган. Бу эса муайян жисмоний мослашувларни юзага келтирган. Масалан, қуёш нури, хусусан, ултрабинафша нурлар камроқ тушадиган минтақаларда D витамини синтезини таъминлаш учун тери ранги нисбатан очроқ бўлиб борган.
Олим Хожсоннинг айтишича, бундай тафовутлар одамлар гуруҳларининг узоқ вақт давомида бир-биридан ажралиб яшагани натижасида шаклланган.
"Ҳозир эса миграция ва глобаллашув туфайли одамлар янада кўпроқ аралашмоқда", - дейди у.
Мутахассислар фикрича, бу жараён маълум даражада биологик хилма-хилликнинг қисқаришига олиб келиши мумкин. Бироқ вазият ҳар доим ҳам бу қадар содда эмас.
Хожсон ўрганаётган ҳодисалардан бири "ўхшаш жуфт танлаш"дир. . Бу ҳолатда одамлар ўзларига ўхшаш хусусиятларга эга шахсларни жуфт сифатида танлашга мойил бўлади.

Сурат манбаси, imaginima via Getty Images
BBC News O‘zbek контенти энди Сизнинг WhatsApp да
Аъзо бўлиш учун бу ерга босинг
End of podcast promotion
Олимнинг фикрича, глобаллашув айрим фарқларни камайтириши мумкин. Бироқ ўхшаш белгиларга эга инсонлар ўзаро жуфтлашганда, табиий танланиш таъсири янада кучайиб, муайян хусусиятларнинг маълум аҳоли гуруҳларида сақланиши ёки кучайишига хизмат қилиши мумкин.
Масалан, тадқиқотлар бўйи баланд инсонларнинг аксар ҳолларда ўзларига ўхшаш даражада баланд бўйли турмуш ўртоқ танлаш эҳтимоли юқори эканини кўрсатган.
"Бўй, вазн, юз тузилиши ва бошқа кўплаб хусусиятлар бўйича айрим гуруҳларда ўхшаш жуфт танлашга мойиллик кузатилади, бошқаларида эса бундай ҳолат унчалик кучли эмас", - дейди Хожсон.
Унинг сўзларига кўра, бу жараён охир-оқибат аҳоли ичида муайян генларнинг қанчалик тез-тез учрашига таъсир кўрсатади.
Бунинг сабаблари фақат биологик эмас, балки ижтимоий ва маданий омиллар билан ҳам боғлиқ. Масалан, одамлар кўпинча ўз этник гуруҳи вакиллари билан оила қуради. Айни пайтда баъзи жамиятларда бу анъаналар ўзгариб бормоқда.
"Инсон эволюциясига таъсир кўрсатувчи кўплаб жараёнлар ҳозир ҳам давом этмоқда", - дея хулоса қилади Хожсон.
End of Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз
Эволюцияга таъсир қилмайдиган танловлар
Бироқ инсон қабул қиладиган ҳар қандай қарор ҳам эволюцияга таъсир кўрсатавермайди.
АҚШдаги Смитсониан Миллий табиий тарих музейи палеоантропологи Бриана Побинернинг таъкидлашича, инсон ҳаёти давомида орттирган кўплаб хусусиятлар наслдан-наслга ўтмайди.
"Масалан, сиз мунтазам машқ қилиб, бақувват мушакларга эга бўлишингиз мумкин. Аммо бу фарзандларингиз ҳам худди шундай мушаклар билан туғилади, дегани эмас", — дейди у.
Бугунги кунда одамлар ташқи кўринишини тишларни тўғрилашдан тортиб косметик ва эстетик муолажаларгача бўлган турли усуллар орқали ўзгартира олади. Аммо бундай ўзгаришлар биологик эволюция эмас, балки кўпроқ жамиятдаги урф-одатлар, мода ва гўзаллик меъёрлари таъсирида юз беради.
Халқаро Эстетик Пластик Жарроҳлик Жамияти (ISAPS) маълумотларига кўра, 2024 йилда дунё бўйлаб жарроҳлик ва ножарроҳлик усулида қарийб 38 миллионта эстетик муолажа амалга оширилган. Бу 2020 йилга нисбатан 40 фоизлик ўсишни англатади. Ташкилот ўтказган глобал тадқиқот эса 2024 йилда қовоқ операцияси, блефаропластика дунёда энг оммабоп эстетик жарроҳлик амалиётига айланганини кўрсатган.

Сурат манбаси, GMint via Getty Images
Даниядаги Орхус университетининг собиқ доценти Томас Майлунднинг айтишича, ташқи кўринишни ўзгартириш имкониятларининг кенгайиши инсон энди фақат генлари белгилаб берган қиёфа билан яшашга мажбур эмаслигини англатади.
Шу билан бирга, келажакда ташқи кўринишни ўзгартириш имкониятлари косметик муолажалар билан чекланиб қолмаслиги ҳам мумкин.
Генетик ўзгаришларни лойиҳалаштириш мумкинми?
Олимлар инсон генларини таҳрирлаш учун CRISPR деб аталувчи технологиядан фойдаланмоқда. У молекуляр даражада ишлайдиган юқори аниқликдаги «қайчи»га қиёсланади. Технологиянинг бир қисми муайян ДНК бўлагини топади, иккинчиси эса унда керакли ўзгартишларни амалга оширади.
CRISPR технологияси тобора такомиллашиб бормоқда ва ҳозирнинг ўзида айрим ирсий касалликларни, жумладан баъзи қон хасталикларини даволашда қўлланила бошланган.
Агар келажакда бу усул янада ривожланиб, кенг тарқалса, назарий жиҳатдан инсоннинг кўплаб хусусиятларини генетик даражада ўзгартириш мумкин бўлади. Бу ҳолда ўзгаришлар одатдагидек минглаб йиллик эволюция натижаси эмас, балки онгли равишда ва нисбатан қисқа вақт ичида амалга оширилиши мумкин.
Бундан ҳам муҳими, агар ген таҳрири сперматозоид ва тухум ҳужайраларини ҳосил қиладиган муртак ҳужайраларида амалга оширилса, мазкур ўзгаришлар кейинги авлодларга ҳам мерос бўлиб ўтиши мумкин.
Бироқ мутахассислар таъкидлашича, бундай технологияларни тўлиқ хавфсиз ва ишончли деб ҳисоблаш учун ҳали анча вақт керак. Қолаверса, улар "дизайнер чақалоқлар", яъни хусусиятлари олдиндан танлаб берилган фарзандлар пайдо бўлиши, ногиронлиги бор инсонларга нисбатан камситиш кучайиши каби жиддий ахлоқий саволларни ҳам кун тартибига олиб чиқмоқда.

Сурат манбаси, Just_Super via Getty Images
Хожсоннинг фикрича, бугунги кунда одамларда ирсий ўзгаришларни кенг кўламда амалга оширишга қарши фикр деярли умумий консенсусга айланган.
"Ҳозирча аксарият мутахассислар инсон геномини бу мақсадларда таҳрирлаш ахлоқий жиҳатдан қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблайди", -дейди у.
Бироқ олим узоқ келажакда бу қарашлар ўзгариши мумкинлигини ҳам истисно қилмайди.
"Беш минг йилдан кейин вазият бутунлай бошқача бўлиши мумкин. Агар биз ирсий касалликларни бартараф этиш имкониятига эга бўлсак, балки ўша пайтда геномни таҳрир қилмасликнинг ўзи ахлоқий жиҳатдан нотўғри деб баҳоланар. Ҳозирча эса вазият мутлақо тескари", — дейди Хожсон.
Унинг таъкидлашича, агар технология кенг оммалашса, келажакда ота-оналар фарзандларининг айрим хусусиятларини олдиндан танлаш имкониятига эга бўлиши ҳам мумкин.
"Кенг маънода олганда, инсон эволюциясининг келажаги маълум даражада одамларнинг ўз қўли билан шакллантириладиган жараёнга айланиши мумкин. Аммо биз ҳали бундай босқичга етиб келганимиз йўқ", - дейди олим.
Хожсоннинг қўшимча қилишича, бу соҳада ҳали жавоби топилмаган саволлар жуда кўп.
"Умрим давомида менга бундай қарорларни қабул қилишга тўғри келмайди деган умиддаман", - дейди у.
Янги инсон тури пайдо бўлиши мумкинми?
Майлунднинг айтишича, атроф-муҳитимиз келажакда қандай ўзгаришини билмасдан туриб, одамларнинг ташқи кўриниши қандай бўлишини башорат қилишнинг иложи йўқ.
Жуда узоқ келажак ҳақида сўз юритадиган бўлсак, инсоният ҳатто янги бир турга айланиб кетиши ҳам мумкин.
Бундан бир миллион йил аввал Ер юзида Homo erectus каби инсон турлари яшаган. Бизнинг ўз туримиз, Homo sapiens эса тахминан 300 минг йил аввал пайдо бўлган.
"Демак, яна бир миллион йил ўтгач, авлодларимиз биздан худди Homo erectus биздан қанчалик фарқ қилса, шунчалик фарқ қилиши мумкин", - дейди Майлунд.
Шу билан бирга, у турлар ўртасидаги фарқлар биз тасаввур қилгандек кескин бўлмаслиги ҳам мумкинлигидан огоҳлантиради.
Ҳатто инсон турининг иккига ажралиб кетиши эҳтимоли ҳам бор. Масалан, одамларнинг бир қисми коинотдаги янги муҳитларда яшай бошласа.
"Агар Ойда яшасангиз, у ерда тортишиш кучи паст бўлади. Марсда ҳам тортишиш кучи паст. Бундай шароитга мослашишингизга тўғри келади", - дейди Майлунд.
Бироқ янги тур шаклланганини ҳақиқатан кузатиш учун бундай аҳоли гуруҳлари Ердаги одамлардан кўплаб авлодлар давомида тўлиқ ажралган ҳолда яшаши керак бўлади.
Хўш, агар эволюцияни тасодиф ихтиёрига ташлаб қўймасак-чи?
Генларимизни технология ёрдамида ўзгартириш имконияти пайдо бўлаётганини ҳисобга олган ҳолда, Майлунд масалага қуйидагича қарайди:
"Асосий савол: "Биология бизга нима қилади?" эмас, балки "Биз ўзимиз нимани танлаймиз?" деган саволдир".
































